Call center:
( 0 371 ) 231-13-82

Телефон доверия

Ишонч телефони:
( 0 371 ) 231-14-21

2017 йил 25 февраль куни соат 12-00да “O`zneftmahsulot” АК маъмурий биносида компания акциядорларининг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши бўлиб ўтади

«ТАСДИҚЛАНГАН»
«O’zneftmahsulot» АК Акциядорларининг Умумий йиғилиши
томонидан 2014 йил 30 июндаги 14-сонли баённома.



«O’zneftmahsulot» акциядорлик компанияси Умумий йиғилиши тўғрисида

НИЗОМ
1. Умумий қоидалар

1.1. Мазкур Низом «O’zneftmahsulot» акциядорлик компанияси умумий йиғилиши мақомини белгилайди ва унинг ишини, уни ўтказиш ва қарорлар қабул қилинишини тартибга солади.

1.2. Низом Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йилдаги “Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-475-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 6 октябрдаги “Устав жамғармасида давлат улуши бор корхоналарни самарали бошқариш ва давлат мулкининг тегишлича ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 215-сонли қарори ҳамда Компания уставига мувофиқ ишлаб чиқилган.

1.3. Акциядорларнинг Умумий йиғилиши Компания Бошқарувининг олий органи ҳисобланади.

1.4. Компания ҳар йили акциядорларнинг Умумий йиғилишини (акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини) ўтказиши шарт.

1.5. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши Компания уставида белгиланган муддатларда, бироқ молиявий йил тамом бўлгандан кейин олти ойдан кечикмай ўтказилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида Компаниянинг Кузатув кенгашини ва Тафтиш комиссиясини (тафтишчини) сайлаш тўғрисидаги, Компаниянинг Бошқарув раиси билан тузилган шартноманинг муддатини узайтириш, уни қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги ҳақидаги, аудиторлик текширувини ўтказиш, аудиторлик ташкилотини ва унинг меҳнат ҳақининг чегаравий миқдорини белгилаш масалалари ҳал этилади, шунингдек Компаниянинг йиллик ҳисоботи ва бошқа ҳужжатлари кўриб чиқилади.

1.6. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган бошқа йиғилишлар навбатдан ташқари йиғилишлар ҳисобланади. Акциядорларнинг Умумий йиғилиши йиғилиш кун тартибига киритилмаган масалалар бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас.

1.7. Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилиши санаси, уни ўтказиш тўғрисида акциядорларга маълум қилиш шакли, Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш пайтида акциядорларга тақдим этиладиган материаллар (ахборот) рўйхати Компаниянинг Кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

II. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

2.1. Акциядорлар Умумий йиғилишининг ваколатига қуйидагилар киради:

а) Компания Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки Компаниянинг янги таҳрирдаги Уставини тасдиқлаш;

б) Компанияни қайта ташкил этиш;

в) Компанияни тугатиш, тугатувчи тайинлаш ҳамда оралиқ ва узил-кесил тугатиш балансларини тасдиқлаш;

г) Компания Кузатув кенгаши ва монитар акциядорлар комитетининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш;

д) эълон қилинган акцияларнинг чекланган миқдорини белгилаш;

е) Компания Устав жамғармасини кўпайтириш;

ж) Компания Устав жамғармасини камайтириш;

з) ўз акцияларини сотиб олиш;

и) Компаниянинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, унинг ижро этувчи органини тузиш, раҳбарини сайлаш (тайинлаш), унинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш;

к)Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш ҳамда уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш; шунингдек Тафтиш комиссияси низомини тасдиқлаш;

л) Компаниянинг йиллик ҳисоботини, йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш;

м) Компаниянинг фойдаси ёки зарарларини тақсимлаш;

н) Компания Кузатув кенгаши ваТафтиш комиссиясининг ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан Компанияни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан Компания кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва Тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш;

о) конвертация қилинадиган акцияларни ва эмиссион қимматли қоғозларни сотиб олишга қонунда назарда тутилган акциядорнинг устунлик ҳуқуқини қўлламаслик тўғрисида қарор қабул қилиш;

п) Компания акциядорлари Умумий йиғилиши регламентини тасдиқлаш;

р) акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;

с) қонунда назарда тутилган ҳолларда йирик битимлар ва аффилланган шахслар билан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

т) Компания Бошқаруви фаолияти тартибларини белгиловчи ҳужжатларни тасдиқлаш;

у) Устав, ички ҳужжатлар ва амалдаги қонунларда назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал этиш.

2.2. Акциядорларнинг Умумий йиғилиши йиғилиш кун тартибига киритилмаган масалалар бўйича қарор қабул қилишга, шунингдек йиғилиш кун тартибига ўзгартириш киритишга ҳақли эмас. Акциядорларнинг Умумий йиғилиши йиғилиш кун тартибига моҳияти аниқ бўлмаган (шу жумладан “турли”, “бўлак” ва “бошқа” ва ҳоказо) масалаларни киритиш мумкин эмас.

2.3. Умумий йиғилиш аффилланган шахс билан тузилган ва Компания ўзининг навбатдаги акциядорлар Умумий йиғилишигача бўлган жорий хўжалик фаолияти жараёнида амалга ошириши мумкин бўлган битимни (битимларни) маъқуллаш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли.

2.4. Умумий йиғилиши ваколатига киритилган масалалар Компания Кузатув кенгашига ҳал этиш учун берилмаслиги керак, Кузатув кенгаши ваколатига берилган масалалар бундан мустасно.

2.5. Умумий йиғилиши ваколатига киритилган масалалар Компания Бошқарувига ҳал этиш учун берилмаслиги керак.

3. УМУМИЙ ЙИҒИЛИШДА ҚАТНАШИШ ҲУҚУҚИ.
АКЦИЯДОРЛАРНИ ВА УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛИ
ВАКИЛЛАРИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

3.1. Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш расман эълон қилинган кунгача уч календарь кунда шакллантирилган Компания акциядорлари реестрида қайд этилган акциядорлар акциядорларнинг умумий йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади

3.2. Умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга акциядорлар рўйхатига биноан қайд этиш рўйхати тузилиб, унда акциядорлар ва уларнинг вакиллари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

3.3. Умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга акциядорлар рўйхатига ўзгартиришлар фақат рўйхат тузилган санада мазкур рўйхатга киритилмаган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган ёки уни тузишда йўл қўйилган хато тузатилган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда киритилиши мумкин.

3.4. Акциядорларнинг Умумий йиғилишида Компания акциядорлари рўйхатида қайд этилган, уларнинг ваколатли вакиллари, Компания аудитори, Компания Кузатув кенгаши ва ижро этувчи органлари аъзолари, Тафтиш комиссияси аъзолари ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга бўладилар (Кузатув кенгашини ва Компания назорат органларини сайлаш бўйича овоз бериш бюллетенига киритилган номзодлар муҳокама қилинганда, шунингдек Кузатув кенгаши томонидан тайинланган Компания Бошқаруви раисини тасдиқлашда кўрсатиб ўтилган шахсларни ҳам таклиф этиш тавсия этилади).

3.5. Компания оддий акциялари эгалари бўлган акциядорлар акциядорларнинг Умумий йиғилишида овозга қўйилган масалалар масалалар бўйича овоз бериш ҳуқуқига эгалар.

3.6. Акциядорларнинг Умумий йиғилишида қатнашиш ҳуқуқи акциядор томонидан шахсан ҳамда ўз вакили орқали амалга ошириладики, мазкур вакил ёзма шаклда тузилган ва ваколат берувчи билан вакил ҳақидаги маълумотлар қайд этилган ишончнома асосида иш кўради. Овоз бериш учун ишончнома нотариус томонидан тасдиқланади. Акциядор ўзининг Умумий йиғилишдаги вакилини исталган вақтда алмаштириб, унда шахсан ўзи иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Юридик шахс бўлган акциядорнинг вакили Акциядорлар умумий йиғилишида ташкилот раҳбарининг имзоси билан ёки бунга ташкилотнинг муҳри билан тасдиқланган таъсис ҳужжатларига асосан вакил қилинган бошқа шахснинг имзоси чекилган ва унинг номига берилган ишончнома мавжуд бўлган тақдирда қатнашиши мумкин. Акциядорларнинг Умумий йиғилишида давлат вакилининг қатнашиш ҳуқуқи унинг ўзи томонидан амалга оширилади.

3.7. Акциялар рўйхат тузилган санадан кейин ва Акциядорлар умумий йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар Умумий йиғилиши ўтказилиши санасигача берилган ҳолларда Компания акция олувчига овоз беришга ёки акция олувчининг кўрсатмаларига мувофиқ акциядорлар Умумий йиғилишида овоз беришга ишончнома бериши керак. Мазкур қоида акцияларни беришнинг кейинги ҳар бир ҳолатига нисбатан ҳам қўлланилади.

3.8. Агар Компания акциялари бир неча шахснинг умумий улушли мулкида бўлса, у ҳолда акциядорлар Умумий йиғилишида овоз бериш бўйича ваколат уларнинг хоҳиши бўйича умумий улушли мулк қатнашчиларидан бири томонидан ёхуд уларнинг умумий вакили томонидан амалга оширилади. Мазкур шахслардан ҳар бирининг ваколати тегишли тарзда расмийлаштирилиши керак. 3.9. Акциядорлар Умумий йиғилишда қатнашиш учун йиғилишни ўтказиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган манзил ва вақтда рўйхатдан ўтишлари лозим.

3.10. Умумий йиғилишда қатнашиш учун келган жисмоний шахслар бўлган акциядорларни рўйхатдан ўтказиш паспорт ёки акциядорнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат кўрсатилгач, шунингдек вакилга нисбатан эса нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома кўрсатилгач амалга оширилади.

3.11. Компания акциядори бўлган юридик шахс раҳбари Умумий йиғилишда ўз ваколатларини лавозимга тайинлаш тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжат ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида амалга оширади.

3.12. Умумий йиғилишга келган акциядорлар Умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга акциядорлар рўйхатига асосан рўйхатга олинадилар, мазкур рўйхат Кузатув кенгаши қарори билан белгиланган санага кўра қайд этилган Компания акциядорлари реестри маълумотларига биноан тузилган.

3.13. Умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга акциядорлар рўйхатига биноан 1-иловага мувофиқ шакл бўйича қайд этиш рўйхати тузилади. Қайд этиш рўйхати рисола ҳолига келтирилган, тартиб рақами қўйилган, ип ўтказиб тикилган ва Компаниянинг муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.

3.14. Умумий йиғилишни ўтказишда акциядорлар (уларнинг вакиллари) қайд этиш рўйхатига имзо чекадилар ва Компания акциядорлари реестри маълумотлари бўйича белгиланган ҳар бир акциядорнинг овоз берувчи акциялари сонидан келиб чиқиб, овоз бериш учун бюллетенлар тўпламини (2-илова) оладилар.

3.15. Агар йиғилиш қатнашчиси бир ёки бир неча акциядорнинг манфаатларини ифодалашга ишончнома тақдим этса, у ҳолда унга у манфаатини ифодалаётган акциядор (акциядорлар) учун овоз беришга бюллетень берилади, қайд этиш рўйхатида эса у ифодалаётган акциядорнинг фамилияси қаршисига "__________та (сони) овоз берувчи акциялар бўйича "_____" да берилган ишончнома бўйича" деган ёзув қайд этилади ҳамда вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади (3, 3а-иловалар).

3.16. Акцияларнинг номинал эгаси Акциядорлар умумий йиғилишида акциялар эгаси томонидан берилган ишончнома бўйича қатнашиши мумкин.

4. АКЦИЯДОРЛАРНИНГ ЙИЛЛИК УМУМИЙ
ЙИҒИЛИШИНИ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ

4.1. Акциядорлар Умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорлар Умумий йиғилиши ўтказиш санаси, тартиби, акциядорларга унинг ўтказилиши тўғрисида хабар бериш тартиби, акциядорларга тақдим этиладиган материаллар (маълумотлар) рўйхати Компаниянинг Кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

4.2. Акциядорларга Умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақидаги хабар Компаниянинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, шунингдек электрон почта орқали жўнатилади, хабар қилиш акциядорларнинг Умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан кечи билан 7 кун илгари, лекин 30 кундан олдин эмас, амалга оширилиши керак.

4.3. Компания акциядорларга Умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида бошқа оммавий ахборот воситалари (телевидение, радио) орқали қўшимча хабар қилиш ҳуқуқига эга.

4.4. Акциядорларга Умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақидаги хабар беришнинг чекланган муддати Умумий йиғилиш ўтказиладиган санадан кечи билан уч кун илгари этиб белгиланиши лозим.

4.5. Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабарда қуйидагилар бўлиши керак:

- Компаниянинг номи ва манзили;

- Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жой;

- Умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга акциядорлар рўйхати тузилган сана;

- Умумий йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар;

- акциядорларни Умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга тақдим этилиши керак бўлган маълумотлар (материаллар) билан таништириш тартиби.

4.6. Умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга керак бўлган маълумотлар (материаллар)га Компаниянинг йиллик ҳисоботи, унинг йиллик молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари бўйича Компания тафтиш комиссияси (тафтишчи) ва аудиторлик ташкилотининг хулосаси, Компания Кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар, Компания уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар лойиҳаси ёки Компаниянинг янги таҳрирдаги устави лойиҳаси.

4.7. Умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга тақдим этилиши шарт бўлган қўшимча маълумотлар (материаллар) рўйхати Кузатув кенгаши томонидан белгиланиши мумкин.

4.8. Агар Компания акциядорлари реестрида рўйхатдан ўтказилган шахс акцияларнинг номинал эгаси бўлса, Умумий йиғилишни ўтказиш тўғрисидаги хабарнома акцияларнинг номинал эгасига юборилади. Акцияларнинг номинал эгаси уни ўз мижозларига қонун ҳужжатларида ёки мижоз билан тузилган шартномада белгиланган тартибда ва муддатларда етказиши шарт.

4.9. Компаниянинг камида бир фоиз овоз берувчи акцияларига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар) Компания молиявий йили тамом бўлгандан кейин 30 кундан кечикмай Компания Акциядорлари умумий йиғилиши кун тартибига доир таклифлар (5-иловада кўрсатилган шакл бўйича) киритиш ҳуқуқига эга.

4.10. Акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибига масала ёзма шаклда киритилиб, унда масалани қўйиш сабаби, масалани киритаётган акциядор (акциядорлар)нинг номи (жисмоний шахслар учун исми, фамилияси, отасининг исми ҳамда юридик шахслар учун расмий номи), унга тегишли акциялар сони ва тури кўрсатилади

4.11. Акциядорлар (акциядор) Компания Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссияси таркибига ўзи таклиф этган номзодлар рўйхатига акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини ўтказиш ҳақидаги хабар эълон қилинган санадан кейин уч кун кечикмай ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.

4.12. Компаниянинг Кузатув кенгаши келиб тушган таклифларни 4.9-бандда кўрсатилган муддат тугаганидан кейин 10 кун ўтмасдан кўриб чиқиб, уларни акциядорларнинг Умумий йиғилиши кун тартибига киритиш ёки киритишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт. Акциядорлар (акциядор) таклиф этган масала акциядорларнинг Умумий йиғилиши кун тартибига киритиши лозим, қуйидаги ҳолатлар бундан истисно:

- акциядор (акциядорлар) томонидан 4.9-банд билан белгиланган муддатларга риоя этилмаганда;

- акциядор (акциядорлар) 4.9-бандда назарда тутилган миқдорда Компаниянинг овоз берувчи акцияларига эга бўлмаса;

- 4.10-бандда назарда тутилган маълумотлар тўлиқ бўлмаса;

- таклифлар амалдаги қонунлар талабларига мос келмаса.

4.13. Компания Кузатув кенгашининг масалани акциядорлар Умумий йиғилиши кун тартибига киритишни рад этиш ҳақидаги асосли қарори ушбу қарор қабул қилинган кундан кейин уч кундан кечикмай масалани киритган ёки таклиф берган акциядор (акциядорлар)га юборилади.

4.14 Компания Кузатув кенгашининг масалани акциядорларнинг Умумий йиғилиши кун тартибига киритишни рад этилиши тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

4.15. Акциядорларнинг Умумий йиғилиши акциядорларни унда қатнашиш учун қайд этиш тугаши чоғида Компаниянинг жами тарқатилган ва овоз берувчи акцияларининг эллик фоизидан ортиқроғига эга акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса қонуний кучга (кворумга) эга бўлади.

4.16. Акциядорларнинг Умумий йиғилишини ўтказиш учун кворум етишмаган тақдирда акциядорларнинг янги умумий йиғилишини ўтказиш санаси эълон қилинади. Акциядорларнинг янги умумий йиғилишини ўтказишда кун тартибини ўзгартириш мумкин эмас.

4.17. Ўтмаган йиғилиш ўрнига чақирилган акциядорларнинг янги Умумий йиғилиши акциядорларни унда қатнашиш учун қайд этиш тугаши чоғида Компаниянинг жами тарқатилган ва овоз берувчи акцияларининг қирқ фоизидан ортиқроғига эга акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса қонуний кучга эга бўлади.

4.18. Акциядорларнинг янги Умумий йиғилишининг ўтказилиши ҳақидаги хабар қонунда назарда тутилган услубда, унинг ўтказилиши санасидан камида 7 кун илгари тарқатилади.

4.19. Кворум йўқлиги муносабати билан акциядорларнинг Умумий йиғилишини ўтказиш санасини камида 20 кунга кечиктирилганда Умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга акциядорлар ўтказилмаган йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхатига биноан аниқланади.

4.20. Акциядорларнинг Умумий йиғилишида овоз бериш “Компаниянинг битта овоз берувчи акцияси – битта овоз» тамойили асосида амалга оширилади, Компания Кузатув кенгаши аъзолари бўйича комулятив овозга қўйиш ҳолатлари ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатлари бундан истисно. Акциядорлар Умумий йиғилишининг ишчи органлари, шу жумладан ташаббусга кўра чақирилганлари очиқ овозга қўйиш йўли билан сайланади.

4.21. Акциядорлар Умумий йиғилишининг овозга қўйилган масала бўйича қарори, башарти Компаниянинг Уставига кўра қарорни қабул қилиш учун акциядорларнинг ундан ортиқ овозлари белгиланган бўлмаса, йиғилишда қатнашаётган Компаниянинг овоз берувчи акцияларига эга акциядорларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

4.22. Қуйидаги масалалар бўйича қарор акциядорлар Умумий йиғилиши томонидан акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорларнинг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан қабул қилинади:

1) Компания Уставига ўзгартириш, қўшимча киритиш, унинг янги таҳрирдагисини тасдиқлаш;

2) Компанияни қайта ташкил этиш;

3) Компанияни тугатиш, Тугатиш комиссиясини тайинлаш ҳамда оралиқ ва тўлиқ балансни тасдиқлаш;

4) эълон қилинган акцияларнинг чекланган миқдорини белгилаш;

5) Компания фойдаси ва зарарини тақсимлаш;

6) Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 84-моддасида назарда тутилган ҳолатларда, Компания томонидан мулкни сотиб олиш ва бегоналаштириш билан боғлиқ йирик битимларни амалга ошириш.

4.23. Компания Уставига ўзгартириш, қўшимча киритиш, унинг янги таҳрирдагисини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор Умумий йиғилиш томонидан фақат Компания Кузатув кенгашининг таклифига биноан қабул қилинади.

5. АКЦИЯДОРЛАРНИНГ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ
УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИНИ ЎТКАЗИШГА
ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ

5.1. Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши Компания Кузатувчи кенгаши қарорига кўра қуйидагиларга асосан ўтказилади:

- унинг ўз ташаббуси билан;

- Компания Тафтиш комиссияси ёки аудиторининг талаби билан;

- талаб берилган санада Компания овоз берувчи акцияларининг камида 5 фоизига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар)нинг талаби билан (6-иловага мувофиқ).

5.2. Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши Компания Кузатув кенгаши томонидан акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш тўғрисида талаб берилган пайтдан бошлаб 30 кундан кечикмай чақирилади.

5.3. Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги талабда йиғилиш кун тартибига киритилиши керак бўлган масалалар уларни киритиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ифодаланиши керак.

5.4. Компаниянинг Кузатув кенгаши Компаниянинг Тафтиш комиссияси ёки Компания овоз берувчи акцияларининг камида 5 фоизига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар) талаби билан чақирилаётган акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши кун тартибига киритиладиган масалалар ифодаланишига ўзгартиришлар киритишга ҳақли эмас.

5.5. Агар акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талаб акциядор (акциядорлар)дан чиққан бўлса, унда йиғилиш чақирилишини талаб қилаётган акциядор (акциядорлар)нинг исми (номи), унга тегишли акциялар сони, тури кўрсатилиши керак.

5.6. Акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талаб акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши чақирилишини талаб қилаётган шахс (шахслар) томонидан имзоланади.

5.7. Компания Тафтиш комиссияси ёки Компания овоз берувчи акцияларининг камида 5 фоизига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар)нинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишни чақириш тўғрисидаги талаби берилган санадан бошлаб ўн кун ичида Компания Кузатув кенгаши томонидан акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишининг чақирилиши ёҳуд чақирилишининг рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилиниши керак.

5.8. Компания Тафтиш комиссияси ёки Компания овоз берувчи акцияларининг камида 5 фоизига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар)нинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишни чақириш тўғрисидаги талабининг рад этилиши ҳақидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилиниши мумкин, агар:

- акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишни чақиришни талаб қилаётган акциядор (акциядорлар) талаб берилган санада Компаниянинг овоз берувчи акцияларининг 5 фоизига эгалик қилмаса;

- Компания акциядорларининг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши кун тартибига киритиш учун таклиф этилган масалалардан ҳеч бири унинг ваколатига тегишли бўлмаса;

- кун тартибига киритиш учун таклиф қилинаётган масала қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

5.9. Кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш ёки уни чақиришни асосли равишда рад этиш тўғрисидаги қарори уни чақиришни талаб қилувчи шахсларга ушбу қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб уч кундан кечикмай юборилади.

5.10. Компания Кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақиришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.

5.11. Агар қонунда белгиланган муддатда Компания Кузатув кенгаши томонидан акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилинмаса ёки уни чақиришнинг рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинса, акциядорларнинг навбатдан ташқари Умумий йиғилиши уни чақиришни талаб қилувчи шахслар томонидан чақирилиши мумкин.

5.12. Мазкур ҳолатда акциядорлар умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш харажатлари акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра Компания маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

6. УМУМИЙ ЙИҒИЛИШ КВОРУМИ

6.1. Акциядорлар умумий йиғилиши, агар умумий йиғилишда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш тугаши пайтида Компаниянинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами бўлиб 50 фоизидан ортиғига эгалик қилувчи акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, қонуний кучга (кворумга) эга бўлади.

6.2. Агар имтиёзли акциялар кун тартибининг фақат битта ёки бир нечта масалалари бўйича овоз берса, йиғилиш кворуми тақдим этилган оддий акциялар сонига қараб белгиланади, мазкур масалалар бўйича овозларни санаш эса овоз берувчи оддий ва имтиёзли акцияларнинг умумий сонидан келиб чиқиб ўтказилади.

6.3. Агар йиғилиш бошланиши учун белгиланган вақтдан сўнг 60 дақиқадан ортиқ вақт давомида кворум тўпланмаса, акциядорларнинг янги умумий йиғилишини ўтказиш санаси эълон қилинади.

6.4. Бўлиб ўтмаган Акциядорлар умумий йиғилиши ўрнига чақирилган янги Акциядорлар умумий йиғилиши, агар унда қатнашиш учун рўйхатдан ўтказиш тамом бўлиши пайтида жамиятнинг овоз берувчи акцияларининг жами камида 40 фоизига эгалик қилган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтказилган бўлса ҳқонуний ҳисобланади.

6.5. Акциядорлар умумий йиғилишини чақириш санаси кворум йўқлиги муносабати билан 20 кундан оз муддатга кўчирилган тақдирда, Умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар бўлиб ўтмаган Умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар рўйхатига мувофиқ белгиланади.



7. УМУМИЙ ЙИҒИЛИШНИНГ
ИШЧИ ОРГАНЛАРИ

7.1. Қуйидагилар Умумий йиғилишнинг ишчи органлари ҳисобланади: раёсат, саноқ комиссияси, котиб (котибият).

7.2. Акциядорлар Умумий йиғилиши раёсати ва раиси акциядорлар умумий йиғилишида сайланади. Бунда Акциядорлар умумий йиғилиши президиуми таркибига лавозимига кўра Кузатув кенгаши раиси ва давлатнинг ишончли вакили киради.

7.3. Акциядорлар Умумий йиғилиши раиси йиғилиш раёсатига бошчилик қилади, йиғилиш олиб борилишини таъминлайди ва бунинг учун у ўз вазифаларининг тегишлича бажарилиши учун зарур бўлган барча ваколатларга эга бўлади.

7.4. Умумий йиғилиш раиси йиғилишнинг боришига раҳбарлик қилади, Умумий йиғилиш ишчи органлари ишини мувофиқлаштиради, масалаларни муҳокама қилиш тартибини белгилайди, маърузачиларнинг нутқ сўзлашлари вақтини чегаралайди, йиғилишни олиб бориш ва овоз бериш давомида тушунтиришлар беради, залда тартиб бўлишини назорат қилади.

7.5. Умумий йиғилиш раиси умумий йиғилиш баёни ва қарорини имзолайди.

7.6. Овозларни ҳисоблаб чиқиш, Акциядорлар умумий йиғилишида қатнашиш учун акциядорларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек овоз бериш учун бюллетенлар бериш учун Компания Кузатув кенгаши томонидан саноқ комиссияси ташкил этилади, унинг сони ва шахсий таркибини Акциядорлар умумий йиғилиши тасдиқлайди.

7.7. Саноқ комиссияси таркиби камида уч кишидан иборат бўлиши лозим. Саноқ комиссиясига Компания Кузатув кенгаши аъзолари, жамият Тафтиш комиссияси аъзолари, Бошқарув раиси, Бошқарув аъзолари, шунингдек номзодлари мазкур лавозимларга кўрсатиладиган шахслар кириши мумкин эмас.

7.8. Саноқ комиссияси:

- йиғилишда қатнашадиган шахслар ваколатларини текширади ва уларни рўйхатга олади;

- акциядорларнинг Умумий йиғилиши кворумининг мавжудлигини аниқлайди;

- акциядорлар (уларнинг вакиллари) Умумий йиғилишда овоз бериш ҳуқуқларини амалга оширишлари муносабати билан юзага келадиган саволларни тушунтириб беради;

- овозга қўйиладиган масалалар бўйича овоз бериш тартибини тушунтиради;

- овоз беришнинг белгиланган тартибини ва акциядорларнинг овоз беришда қатнашиш ҳуқуқини таъминлайди;

- овозларни санайди ва овоз бериш натижаларини ҳисоблайди;

- овоз бериш натижалари тўғрисида баённома тузади;

- овоз бериш бюллетенларининг сақланишини, муҳрланиб, архивга топширилишини таъминлайди.

7.9. Акциядорлар Умумий йиғилишида овоз бериш "Компаниянинг бир овоз берувчи акцияси - 1 овоз" тамойили бўйича амалга оширилади (Компания Кузатув кенгаши аъзолари сайловлари бўйича номзодлар сонига қараб, қанча бўлса шунча овоз берилган ҳолатлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатлардан ташқари).

7.10. Овоз бериш бюллетенлари орқали амалга ошириладиган овоз беришда овозлар овоз берувчиларга овоз беришнинг эҳтимол тутилган вариантларидан фақат биттаси қолдирилган масалалар бўйича ҳисобланади.

Мазкур талаб бузилган ҳолда тўлдирилган овоз бериш бюллетенлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва ундаги мавжуд масалалар бўйича овозлар ҳисобланмайди.

7.11. Агар овоз бериш бюллетенида бир нечта масала овозга қўйилган бўлса, бир ёки бир нечта масалага нисбатан мазкур талабга риоя қилинмаслиги овоз бериш бюллетенининг умуман ҳақиқий эмас деб тан олинишига сабаб бўлмайди.

7.12. Саноқ комиссияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш борасидаУмумий йиғилишнинг мустақил иш кўрувчи ишчи органи ҳисобланади ва Кузатув кенгашининг таклифига кўра акциядорлар Умумий йиғилиши томонидан сайланади.

7.13. Саноқ комиссияси ваколатларининг муддати у акциядорлар Умумий йиғилиши томонидан сайланган пайтдан бошлаб акциядорларнинг тегишли йиғилиши (йиллик ёки навбатдан ташқари) томонидан саноқ комиссиясининг янги таркиби сайланадиган (ёки қайта сайланадиган) пайтгача ҳисобланади.

7.14. Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш пайтида саноқ комиссияси Кузатув кенгашининг топшириғига кўра қуйидаги функцияларни амалга оширади:

- акциядорлар умумий йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар рўйхатини тузади;

- овоз бериш бюллетенларини ва Умумий йиғилишнинг бошқа материалларини беради ва юборади, берилган (юборилган) бюллетенлар ҳисобини олиб боради.

7.15. Акциядорлар умумий йиғилишида акциядорларнинг олдинги умумий йиғилиши томонидан сайланган саноқ комиссияси қуйидаги функцияларни амалга оширади:

- умумий йиғилишда қатнашиш учун акциядорларни (уларнинг вакилларини) рўйхатдан ўтказади;

- ишончномалар ва улар томонидан бериладиган ҳуқуқлар ҳисобини юритади;

- овоз бериш бюлетенларини ва Умумий йиғилишнинг бошқа маълумотларини (материалларини) тарқатади;

- акциядорлар Умумий йиғилиши кворумининг мавжудлигини аниқлайди.

7.16. Таркиби бўлиб ўтаётган акциядорлар Умумий йиғилиши давомида тасдиқланган саноқ комиссияси:

- акциядорлар умумий йиғилиши кворумининг мавжудлигини аниқлайди;

- акциядорлар (уларнинг вакиллари) Умумий йиғилишда овоз бериш ҳуқуқларини амалга оширишлари муносабати билан юзага келадиган саволларни тушунтириб беради;

- овозга қўйиладиган масалалар бўйича овоз бериш тартибини тушунтиради;

- овоз беришнинг белгиланган тартибини ва акциядорларнинг овоз беришда қатнашиш ҳуқуқини таъминлайди;

- овозларни санайди ва овоз бериш натижаларини ҳисоблайди;

- овоз бериш натижалари тўғрисида баённома тузади;

- овоз бериш бюллетенларининг архивга топширилишини таъминлайди.

8. УМУМИЙ ЙИҒИЛИШНИ
ОЛИБ БОРИШ ТАРТИБИ

8.1. Акциядорлар Умумий йиғилишини олиб бориш тартиби акциядорларнинг ҳар бир Умумий йиғилишида мазкур низомга мувофиқ тасдиқланади.

8.2. Кузатув кенгаши раиси умумий йиғилишнинг саноқ комиссиясини, раёсатини ва котибини (котибият йирик акциядорлик компаниялари учун тавсия этилади) сайлашни таклиф этади.

8.3. Акциядорлар ташаббусига кўра чақирилган Умумий йиғилиш раёсати таркибини тасдиқлаш бўйича овоз бериш Компания устави билан белгиланган тартибда ўтказилади.

8.4. Умумий йиғилишни олиб бориш тартиби йиғилишнинг бошланиши ва таҳминан тугаш вақтини, нутқлар қанча давом этиши ва танаффусларни, кун тартиби масалаларининг изчиллигини, кун тартиби масалалари бўйича маърузачиларнинг фамилиялари ва лавозимларини, овоз беришни амалга ошириш ва унинг натижаларини эълон қилиш тартибини назарда тутади.

8.5. Раис йиғилиш давомида пайдо бўлувчи жорий масалаларни бош тамойилдан: ҳар бир қатнашчининг акциядорларнинг Умумий йиғилишида белгиланган вақт доирасида сўзга чиқиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги тамойилидан келиб чиқиб яккабошчилик билан ҳал этади.

8.6. Кун тартибидаги масалалар муҳокамасида қатнашиш истаги борлар Умумий йиғилиш котибиятига муҳокамага қўйиладиган масалани кўрсатган ҳолда талабнома берадилар.

8.7. Давлатнинг ишончли вакили Умумий йиғилиш якунлари давлат манфаатларига зид эканлигини аниқлаган тақдирда, у Умумий йиғилиш баёнида ўзининг алоҳида фикрини акс эттиришга ҳақлидир.

8.8. Кун тартибининг барча масалалари муҳокама қилингандан кейин раис акциядорлар Умумий йиғилишини ёпиқ деб эълон қилади.

9. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ
ЙИҒИЛИШИ БАЁНИ

9.1. Умумий йиғилиш йиғилишни ўтказиш жараёнида техник ишларни бажариш учун Умумий йиғилиш котибини сайлайди ва у:

- Умумий йиғилишнинг боришини назорат қилиб боради;

- ёзма талабномаларга кўра йиғилиш кун тартибидаги масалалар муҳокамасида қатнашиш истагини билдирувчилар рўйхатини олиб боради;

- Умумий йиғилиш баёнини тузади;

- Умумий йиғилиш баёнидан зарур кўчирмаларни тайёрлаб қўяди;

- Умумий йиғилишнинг барча ҳужжатларини тўплаб, расмийлаштиради ва архивга топшириш учун тайёрлаб қўяди.

9.2. Акциядорлар Умумий йиғилиши баёнида:

- акциядорлар Умумий йиғилиши ўтказиладиган манзил ва вақт;

- Компаниянинг овоз берувчи акциялари эгаси бўлган акциядорлар эгалик қилган овозларнинг умумий сони;

- йиғилишда қатнашадиган акциядорлар эгалигидаги овозлар сони;

- йиғилиш раиси (раёсати) ва котиби, йиғилиш кун тартиби;

- овозга қўйилган масалалар, нутқларда кўтарилган асосий фикрлар, овоз бериш якунлари ва Умумий йиғилиш томонидан қабул қилинган қарорлар кўрсатилади.

9.3. Акциядорлар умумий йиғилиши баёни у ёпиқ деб эълон қилингандан кейин кечи билан ўн кун ичида икки нусхада тузилади. Иккала нусха ҳам акциядорлар Умумий йиғилиши раиси ва котиби томонидан имзоланади.

9.4. Акциядорлар Умумий йиғилиши баёни имзолангандан кейин саноқ комиссияси йиғилиш ҳужжатларини, шу жумладан, умумий йиғилишнинг қайд этиш рўйхатини, саноқ комиссияси аъзолари томонидан имзоланган муҳрланган овоз бериш бюллетенларини, овоз бериш якунлари тўғрисидаги баёнларни ва акциядорлар Умумий йиғилиши баёнини сақлаш учун Компания архивига топширади.

10. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ
ҚАРОРЛАРИНИНГ ИЖРОСИ

10.1. Акциядорлар Умумий йиғилиши қарорларининг ижроси устидан назорат, башарти йиғилиш қарорида ўзгача ҳолат қайд этилмаган бўлса ва баёнда акс эттирилмаган бўлса, Компания Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

10.2. Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорлари Умумий йиғилишда ҳозир бўлган, шунингдек ҳозир бўлмаган барча акциядорлар томонидан, ўзларига тегишли қисми бўйича бажарилиши шартдир.

my.gov.uz

Фойдали манбаалар

  • НХК «Узбекнефтегаз»
  • Выставка «НЕФТЬ и ГАЗ УЗБЕКИСТАНА – OGU»
  • OOO "Нефтегаздепозит"
  • "ОАО УзЛИТИнефтегаз"
  • "ОАО Нефтегазстройремонт"
  • "Шуртанский ГХК"
  • Ферганский НПЗ
  • Бухарский НПЗ

Кадрлар бўлими

Абдуллаев Шерзод Эркинович

(+998 71) 269-19-65

Акрамова Нигора

(+998 71) 269-19-65

Маркетинг бўлими

Бекмуродов Жалолиддин Мансурович

(+998 71) 231-13-56

Акбаров Бахтиёр

(+998 71) 231-13-58

Хуқуқий бўлим

Зоҳидова Тамара Тўхтасиновна

(+998 71) 231-13-44

Ўтаганов Матусмон

(+998 71) 231-13-44

Транспорт бўлими

Джуматов Заирджон
Закирджанович

(+998 71) 231-13-44

Абдуллаев Даврон

(+998 71) 231-13-44

Uzneftmahsulot AK

«O’ZNEFTMAHSULOT» Акциядорлик Компанияси олиб бораётган фаолиятга алоқадор барча ахборот ва маълумотлар www.unm.uz электрон манзилдаги Компания веб-сайтида эълон қилиб борилади ва Компаниянинг расмий позицияси ҳисобланади.

Компания ўзга манбалардан олинган «O’ZNEFTMAHSULOT» AКга оид ахборот ва маълумотларга изоҳ ва шарҳлар бермаслик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Система OrphusАгар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Мазкур сайтда берилган материаллардан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда ва улардан парча олинганда «O’ZNEFTMAHSULOT» AK расмий сайтидан олинганлигини кўрсатувчи изоҳ берилиши шарт.

Система Orphus