Шу кунларда юртимиз фермерлари далаларида етказилган ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олиш, ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш шудгорлаш ва такрорий экин экишга тайёргарлик кўриш ишлари якунига етмоқда.

Мамлакатимизда бу йил ғалладан ҳар қачонгидан ҳам мўл ҳосил етиштирилди. Мазкур ишларда “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ тасарруфидаги “Нефть база” масъулияти чекланган жамиятларининг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 майдаги 2019 йил бошоқли дон экинлари ҳосилини ўз вақтида ва қисқа муддатларда сифатли ўриб-йиғиб олиш чора-тадбирларига бағишланган 366-Ф-сонли фармойиши билан жамият зиммасига мавсум учун зарур нефть маҳсулотлари захирасини яратиш ҳамда ҳосилни ўриб-йиғиб олиш билан боғлик барча ишларга ёнилғи-мойлаш материалларини белгиланган тартибда узлуксиз етказиб бериш вазифаси юкланган. Мазкур фармойишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида акциядорлик жамиятининг 2019 йил 14 майдаги  58-сонли буйруғи қабул қилиниб, унга асосан ғалла ўрим-йиғими мавсумини муваффақиятли ўтказиш учун барча корхоналарда “Ғалла штаб”лари ташкил этилди ва кечаю-кундуз навбатчилик йўлга қўйилди ҳамда жойларда нефть маҳсулотларининг зарур миқдорлардаги захираси яратилиб, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари кўчма автоёнилғикашлар орқали тўғридан-тўғри фермер хўжаликларининг экин майдонларига, бажарилаётган иш ҳажмидан келиб чикқан ҳолда белгиланган тартибда етказиб берилмоқда.

Мазкур мавсум давомида “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ ҳамда тасарруфдаги “Нефть база” МЧЖларининг масъул ходимларининг сайи-ҳаракатлари натижасида нефть маҳсулотларининг узилишларига йўл қўйилмади. Бу билан жамият ишчи-ходимлари мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларига муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.

Республика истеъмолчиларини, шу жумладан қишлоқ хўжалик истеъмолчиларини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик жамияти раҳбарияти  томонидан доимий назоратга олинган.